2023 йилдан ҚҚС 12 фоизга туширилади

Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи 15 фоиздан 12 фоизга туширилади. Бу ҳақда бугун, 22 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан учрашувида сўз борди.

Очиқ мулоқотда кичик ва ўрта бизнес учун энг муаммоли масалалардан бири қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва қайтариш билан боғлиқлиги таъкидланди.

Президент 2021 йилги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида бизнес учун солиқ юкини тушириш сиёсатини давом эттириб, қўшилган қиймат солиғи ставкасини янада туширишга ваъда берган эди.

«Очиқ айтишим керак, «иқтисодиёт пандемия туфайли ҳали тўлиқ тикланмади, жаҳон иқтисодиётидаги вазият яхши эмас, шу сабабли буни кейинга қолдирайлик», деб таклиф берганлар ҳам бўлди.

Лекин сизларни ишонтириб айтаман: биз ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз ва 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 12 фоизга туширамиз!», дейди Шавкат Мирзиёев.