Aндижонда 230 нафардан зиёд фуқаро архивариусликка ишга олинди

Aндижон вилоятидаги ФҲДЁ архивларида 5 миллиондан ортиқ фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари мавжуд бўлиб, шундан 3,5 миллионга яқини рақамлаштирилди.

Фото: Давлат хизматлари агентлиги Aндижон вилоят бошқармаси ахборот хизмати

Давлат хизматлари агентлиги Aндижон вилоят бошқармаси ахборот хизматининг «Tez News»га маълум қилишича, ФҲДЁ ҳужжатларини рақамлаштириш ишларини тезроқ якунига етказиш учун вилоят бўйича 231 нафар фуқаро 4 ойлик шартнома асосида архивариусликка ишга олинган.

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 12 июндаги «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан «Ягона электрон ФҲДЁ архиви» ахборот тизими яратилган. Ҳозирда уни юритиш ва ФҲДЁ органларида сақланаётган фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини рақамли кўринишга ўтказиш ҳамда ягона электрон архив фондини шакллантириш жараёни олиб борилмоқда.

Фото: Давлат хизматлари агентлиги Aндижон вилоят бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, вилоятдаги ФҲДЁ органлари архивида жами 5 миллион 92 минг 810 дона далолатнома ёзуви мавжуд бўлиб, шу кунга қадар «ФҲДЁ ягона электрон архиви» базасига 3 миллион 600 мингга яқин далолатнома ёзуви электрон кўринишга ўтиши таъминланди. Бунинг учун ҳар бир ҳудудда архивариус штати ташкил этилиб, энг замонавий ускуналар олиб келинди ҳамда махсус ахборот тизими ишга туширилди. Ҳозиргача Хонобод, Қорасув шаҳри, Бўстон, Улуғнор туманларида рақамлаштириш ишлари тўлиқ якунига етказилган.

«Президентнинг 4 августдаги ‘Aҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида’ги қарорига мувофиқ 2021 йилнинг 1 январига қадар ‘ФҲДЁнинг ягона электрон архиви’ ахборот тизимининг ФҲДЁ органлари архивларида сақланаётган ҳужжатларнинг электрон базаларини шакллантиришни таъминлаш белгиланган. Шунингдек, Давлат хизматлари агентлигига 1 январга қадар ‘ФҲДЁнинг ягона электрон архиви’ ахборот тизимидаги фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларига фуқароларга тегишли бўлган шахсий идентификация рақамини бириктириш орқали ариза берувчининг оила аъзолари таркибини аниқлаш функцияси жорий этилишини таъминлаш вазифаси юклатилган. Aйни пайтда мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда ФҲДЁ ҳужжатларини рақамлаштириш ишларини тезроқ якунига етказиш учун вилоят бўйича 231 нафар фуқаро 4 ойлик шартнома асосида архивариусликка ишга олинди», — дейди ДХA вилоят бошқармаси бош маслаҳатчиси Гулзодахон Латипжонова.

Аввалроқ Ўзбекистонда никоҳланувчи келин-куёвга қўшфамилияликка рухсат берилгани, Самарқандда 2020 йилнинг биринчи чорагида 233 та оила яраштирилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар