Фарғонада «Captiva»ни маст ҳолатда бошқарган ҳайдовчи аниқланди. Унинг машинасидан пистолет топилган

Фарғона шаҳрида «Captiva»ни маст ҳолатда бошқарган ҳайдовчи аниқланди. Унинг машинасидан пистолет топилган. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Хабарга кўра, вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Йўл патруль хизмати ходимлари ўз хизмат вазифасини бажараётган вақтида ҳайдовчи томонидан қоида бузилиши аниқланган. Маълум бўлишича, «Captiva» русумли автомашина инспектор буйруғига бўйсинмай ҳаракатини давом эттирган. Бундан шубҳага тушган йўл ҳаракати инспекторлари автомашинани тўхтатиш чораларини кўради.

Натижада ҳайдовчининг спиртли ичимлик ичгани маълум бўлган. Бундан ташқари ҳайдовчининг машинасида пневматик пистолет борлиги аниқланган.

«Пистолетни кеча магазиндан олгандик. Ҳужжатлари ҳам бор. Аммо ўша куни уйда қолиб кетибди. Мен ўзи фермада ишлайман. Бир ўзим юраман. Ўзимни қўриқлаш учун олгандим. Бошқа қайтарилмайди», — дейди айбланувчи тергов жараёнида.

Воқеа юзасидан ҳайдовчига маъмурий баённома расмийлаштирилган. Ҳозирда ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрида ўтказилган тунги рейдда 133 нафар ҳайдовчи қоидабузарликлар содир этгани аниқлангани, Учкўприкда «Жигули» пиёдани уриб юборгани, ҳайдовчи ҳаракат вақти ухлаб қолгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар