Учкўприкда «Жигули» пиёдани уриб юборди. Ҳайдовчи ҳаракат вақти ухлаб қолган
Фарғона вилояти Учкўприк туманида 23 ёшли ҳайдовчи ҳаракат вақтида ухлаб қолиши оқибатида «Жигули» пиёдани уриб кетди. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Учкўприк тумани «Жалаер» МФЙда 15 сентябрь, сешанба куни соат 06:30 ларда 1997 йилда туғилган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган С.Ш. «Ваз-21063» русумли автомобилни бошқарган. Ҳаракат вақтида ухлаб қолиши оқибатида йўлнинг чап томонида тўхтаб турган пиёда, 1976 йилда туғилган Д.Ш.ни уриб юборган.
Натижада пиёда Д.Ш. оғир тан жароҳатлари олиб шифохонада вафот этган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Учкўприк тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Бешариқда ҳайдовчининг ухлаб қолиши оқибатида «Nexia-2» ағдарилиб кетгани, Наманганда «Lacetti»ни «права»сиз ҳайдаган йигит 59 ёшли пиёдани уриб кетгани хабар қилинган эди.