Пастдарғомда поезддан 134 та металл шар ўғирлаган шахслар қўлга олинди
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида заводга олиб кетилаётган 134 дона металл шар ўғирланди. Бу ҳақда ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 20 сентябрь куни соат 06:45 да Навоий вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси Учқудуқ темир йўл бекатида тезкор тадбир ўтказган. Тадбир давомида 1990 йилда туғилган Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи И.У. ва 1988 йилда туғилган М.У. Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Шимолий кон бошқармасининг ГМЗ-3 заводига келаётган юк поезди таркибида бўлган юк вагонида ўғирлик қилгани аниқланган. Улар ҳар бирининг оғирлиги, тахминан, 5 кг бўлган, жами 134 дона металл шарни ноқонуний равишда олаётган вақтида ушланган ҳамда холислар иштирокида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.
Аввалроқ Фарғонада хонадондан 3 миллион сўмлик тилла тақинчоқлар ва 4,5 миллион сўмга яқин пул ўғирлаган шахс қўлга олингани, Қўштепада ўзи ишлаган уйдан салкам 4 миллион сўмлик қурилиш анжомларини ўғирлаб кетган уста ушлангани хабар қилинган эди.