Олтинкўл тумани пахта топшириш режасини 100 фоизга бажарди
Андижон вилояти Олтинкўл тумани 2020 йилги пахта топшириш бўйича шартнома режасини 100 фоизга бажарди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2020 йил тумандаги 140 та фермер хўжалигининг ҳар бир гектар майдонидан 35 центнердан пахта етиштирилиб, давлатга 18 500 тонна пахта топширилган. Пахта йиғим-терим мавсуми учун 61 та терим отряди шакллантирилган.
Қайд этилишича, бунда кластер корхоналари хизматчилари, вилоятдан ташриф буюрган минглаб ҳашарчилар, ихтиёрий равишда қўшимча даромад топиш мақсадидаги иш билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳам иштирок этган.
Аввалроқ катта хирмонида 2,2 кг пахтаси ёнган Избоскан пахта топшириш режасини 100 фоизга бажаргани ҳақида хабар берилганди.