Қоровулбозорда пахта теримчиларига 295 литр ёғ ва совғалар топширилди
Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида 21 октябрь ҳолатига кўра, 147 та фермер хўжалиги томонидан жами 9900 тонна пахта терилиб, теримчилар рағбатлантирилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, туманда 2020/2021 пахта йиғим-терим мавсуми учун 13 260 тонна ҳосил териш режалаштирилган ва 21 октябрь ҳолатига кўра, режанинг 75 фоизи бажарилган.
Қайд этилишича, мавсум бошида 5905 гектар ер майдонларига «Бухоро 6 », «Бухоро 10 » навли чигит қадалган. Туман ҳокими Акмал Остонов «Истиқлол» фермер хўжалигида теримчиларни 50 дан ортиқ совғалар билан рағбатлантирган.
Бундан ташқари, 1-терим пахта далаларидан терилган 100 кг пахта учун 1 литр, 2-терим пахта далаларидан терилган 50 килограмм пахта учун ҳам 1 литр ўсимлик ёғи тарқатилишини назорат қилиб, кун давомида терим бўлаётган «Умид Полвон», «Фахриддин Фаёзбек», «Зиёдулло Мансур», «Жамшид Жавоҳир Иймона» «Фазо БЗШ», «Бойжонбой», фермер хўжаликларидаги теримчиларга жами 295 литр пахта ёғи тарқатилган.
Маълумот ўрнида, Бухорода пахта терими 15 сентябрдан бошланган.
Бундан аввал Андижон туман прокурори пахта теримчиларига яратилган шароитлар билан танишгани ва Наманган вилоят ҳокими Норин туманидаги пахта теримчиларига совғалар топширгани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Бош прокурор Хоразмда теримчи ва боғча тарбияланувчиларига совға топширгани ҳамда Нарпайда пахта мавсуми бошидан буён теримчиларга салкам 27 миллиард сўм тарқатилгани маълум қилинганди.