Метеорологлар 2021 йилда жаҳонда кутиладиган ҳарорат ҳақида маълумот берди

Буюк Британия Метеорология хизмати олимлари келаётган 2021 йил салқинроқ бўлишини маълум қилди, деб хабар бермоқда «BBC».

Фото: «Lonelyplanet»

Айтилишича, Ла-Нинья ҳодисаси туфайли 2021 йилда денгиз сатҳидаги ҳароратнинг 1–2 даражага пасайиши кутилмоқда. Шунинг учун ҳам келаётган йилда иссиқлиқ бўйича янги рекорд кузатилмайди. Аммо йил «энг илиқ олти йил»дан бири бўлиб қолиши кутилади.

«Ҳозирги Ла-Ниньянинг таъсири туфайли 2021 йилги глобал ҳарорат рекорд даражада бўлиши эҳтимолдан йироқ. Аммо йил глобал исиш туфайли 2000 ва 2011 каби бошқа Ла-Нинья кузатиладиган йилларга қараганда анча илиқроқ бўлади», — дейди профессор Адам Скайф.

Таъкидланишича, 1999–2000 йилларда кучли Ла-Нинья ҳодисалари кузатилган, аммо шундан бери ўтган йиллар давомида глобал ҳарорат +0,4 градусга кўтарилган. Прогнозларга кўра, 2021 йилда Ернинг ҳарорати 1850–1900 йиллардагига нисбатан 0,91–1,15 даражага юқори бўлади.

Тропик Тинч океанида Ла-Ниньянинг бошланиши сабабли кучли шамоллар Тинч океанининг илиқ сувларини Жанубий Америкадан Филиппин томон учиради. Шу сабабли океан тубидан совуқроқ сувлар юзага кўтарилади. Бу денгиз сатҳидаги ҳароратнинг 1–2 градусга пасайишига олиб келади.

Маълумот учун, Ла-Нинья испан тилидан «Кичкина қиз» деган маънони англатади. Ла-Ниньяни оддийгина «совуқ воқеа» деб ҳам аташади. У шарқий-марказий Экваториал Тинч океани бўйлаб денгиз сатҳининг ўртача ҳароратидан паст бўлган даврларига нисбатан қўлланилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ҳафтанинг иккинчи ярмидан ҳаво исий бошлаши ҳақида маълумот берилганди.

Янгиликлар