Қизиқчи Улуғбек Холмедов отаси Мирзабек Холмедовни «бачкана» дейдиганларга мурожаат қилди — видео

Қизиқчи Улуғбек Холмедов 17 декабрь куни ўзининг YouTube’даги каналида отаси Мирзабек Холмедовни «бачкана» дейдиганларга мурожаат қилди.

Фото: Instagram / @mirzabekxolmedov

Холмедов изоҳларда отасини ҳақоратлайдиган инсонларга мурожаат қилиб, ғурурига тегадиган гапларни гапирмасликларини сўраган.

«Отаси киму, боласи ким? Олманинг тагига олма тушади, деган ғуруримга тегадиган изоҳларни ёзиб қолдирмаслигингизни илтимос қилган бўлардим. Агарда мен саҳнада қаердадир бачканалик қилган бўлсам, қаердадир сўкинган бўлсам, ёки менинг ижромдан қониқмаган бўлсангизлар, илтимос қилардим отамга тил теккизманглар.

Қанча сўксангиз, мени сўкинг. Чунки у ерда мен борман, отам йўқ. У ердаги ижро меники, мен постановка қилиб, режиссёрлик қилганман. Шунинг учун қанча ҳақоратингиз бўлса, мен томонга отаверинг. Майли, мен чидайман. Ҳаттоки, мен обуначиларимнинг барча изоҳларига лайк босаман. Бу менинг сиз ёзаётган изоҳларга беэътибор эмаслигимдан далолат.

Илтимос қилардим, ота-онамга тегманг. Мен айтмайманку, нимага унақа бўлар-бўлмас танқид қиляпсан? Отанг танқидчими? Олманинг тагига олма тушади, деб гапирмайман тўғриси. Мен учун танқид келажакнинг меваси эмас. Тарбия — келажак меваси. Тарбия олган одам ҳамманинг олдида отаси ҳақида гапирмайди». — деган Улуғбек Холмедов.

Эслатиб ўтамиз, актёр Улуғбек Холмедов YouTube каналига «Абдулла Қурбонов Яндекс таксида» деб номланган ҳазилини жойлаштирган эди. Ушбу видео хонанда Абдулла Қурбоновга ёқмаган. У Улуғбек Холмедовга қўнғироқ қилиб, видеони олиб ташлашни сўраган. Улуғбек Холмедов мазкур ҳазил учун Абдулла Қурбоновдан бориб, кечирим сўраган ҳамда каналдан ушбу видеони олиб ташлаганини маълум қилганди.