Конституцияга сўм ва унинг мақоми тўғрисидаги модда киритиляпти

Валюта – давлатнинг пул бирлиги бўлиб, пул тизимининг асосий элементи ҳамда суверен давлатнинг белгиларидан биридир. Бошқача айтганда миллий валюта давлатнинг муҳим рамзларидан бири.

Ҳар бир мустақил мамлакат ўз миллий валютасига эга. Айни пайтда ер юзида 200 дан ортиқ давлатлар мавжуд бўлса, 160 га яқин валюта тури мавжуд.

Ўз навбатида Ўзбекистон Республикасининг миллий валютаси сўм ҳам мустақил давлатимизнинг асосий белгиларидан бири ҳисобланади. Лекин энг қизиғи Конституциямизда миллий валютамиз бўлган сўм ҳақида бирор оғиз гапирилмаган. Балки бу Конституция сўм муомалага кирганидан бир неча йил аввалроқ қабул қилингани билан боғлиқдир. Лекин барибир ҳам Бош қомусимизда асосий рамзларимиздан бири бўлган сўм ҳақида алоҳида модда йўқлиги ғалати.

Шу сабабли мазкур бўшлиқ тўлдирилмоқда ва Конституциямизга миллий валютамиз ҳақидаги нормалар қўшиш таклиф этилмоқда.

Шуни инобатга олиш керакки, Конституция лойиҳасида пул бирлигини муомалада бўлиши унинг муомуладан олинишини тартибга солувчи субъект – яъни Марказий банк ҳам аниқ белгилаб кетилмоқда.

150-модда.

Ўзбекистон Республикасининг пул бирлиги сўмдир.

Сўм Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона чекланмаган қонуний тўлов воситасидир.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида қонуний тўлов воситалари сифатида пул белгиларини муомалага киритишда ва уларни муомаладан чиқаришда мутлақ ҳуқуққа эгадир.

Давлатнинг пул бирлигининг мақомини ҳамда унинг муомалада бўлишига оид қоидаларни Конституцияда белгиланган тақдирда унинг мавқеи ошишига олиб келади. Мамлакат пойтахти, давлат тили, байроғи, герби ва мадҳияси каби рамзлардан бири бўлган миллий валюта ҳам Бош Қомусда акс этиши мақсадга мувофиқ.

Бугунги глобаллашув шароитида давлатнинг пул бирлиги ва унинг қадр-қиммати алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур масаланинг Конституциядан ўрин олиши турли таҳдид ва хавф-хатарларнинг ҳам олдини олади.