Ўзбекистонга хориждан бир кунда 5 мингдан ортиқ фуқаро авиа ва темир йўл рейсларида қайтди
Ўзбекистонга хориждан 21 сентябрь, душанба куни 5 мингдан ортиқ мамлакат фуқароси қайтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 21 сентябрь куни 2641 нафар фуқарони Ўзбекистонга олиб келиш учун:
- Москва шаҳридан 6 та;
- Санкт-Петербург шаҳридан 3 та;
- Ростов-Дон шаҳридан 1 та;
- Туркиядан 2 та чартер рейси амалга оширилган.
Шунингдек, 253 нафар мамлакат фуқароси «Uzbekistan Airways» акциядорлик жамиятининг Тошкент—Минск—Тошкент ва Тошкент—Бишкек—Тошкент йўналишларидаги ҳамда «Asiana Airlines»нинг Сеул—Тошкент—Сеул йўналишидаги мунтазам рейслар орқали Ўзбекистонга қайтган.
Бундан ташқари, 21 сентябрда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг поездларида 2538 нафар мамлакат фуқароси Новосибирск, Ростов-Дон ва Самара шаҳарларидан Ўзбекистонга етиб келган.
Аввалроқ Россиядан 497 нафар ҳамда 746 нафар ўзбекистонлик мамлакатга олиб келингани ҳақида хабар берилган эди.