Новосибирск ва Самарадан яна 2 мингга яқин ўзбекистонлик олиб келинди (фото)

Новосибирск ва Самарадан яна 1792 нафар ўзбекистонлик олиб келинди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Республика махсус комиссиясининг қарори билан Тошкент—Новосибирск—Тошкент ва Тошкент—Кинель—Тошкент йўналишларида Россиянинг Новосибирск ва Самара вилоятларига Ўзбекистон фуқароларини ортга қайтариш учун иккита поезд юборилган.

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ поезди 18 сентябрь куни 854 нафар йўловчи билан Новосибирск станциясидан йўлга чиққан. 21 сентябрь куни ушбу поезд Ўзбекистонга кириб келган ва Поп-2 станциясида кутиб олинган.

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Ушбу рейс орқали олиб келинган барча фуқаролар Наманган вилояти транспорт бошқармаси томонидан ажратилган автобусларда Поп туманидаги карантин зонасига етказилган.

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Шунингдек, 938 нафар юртдошларимиз билан 19 сентябрь куни Кинель станциясидан Ўзбекистонга жўнаган поезд 21 сентябрь куни Тошкент жанубий вокзалига етиб келган. Ушбу рейс орқали олиб келинган барча фуқаролар автобусларда Тошкент вилоятидаги карантин зоналарига етказилган.

Аввалроқ Самарадаги чодирли лагерда 4,2 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси тўпланиб қолгани ҳақида хабар берилган.

Шунингдек, Самарадан яна мингга яқин ўзбекистонлик олиб келингани, Самарада 750 нафардан ортиқ ўзбекистонлик чодирли лагерларга жойлаштирилгани, Россиядаги Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш учун сентябрь ойида қўшимча чартер рейслар амалга оширилиши хабар қилинган эди.