Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали тадқиқотчиларига 50 гектар ер ажратилади
Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиалига дала тажрибалари ва илмий тадқиқотларини ўтказиш учун 50 гектар суғориладиган ер майдони ажратилади, деб хабар берди «Zarnews».
Хабарда айтилишича, Самарқанддаги Тошкент давлат аграр университетининг филиалига ўқув ишлаб чиқариш амалиётларида профессор-ўқитувчиларнинг ҳамда илмий тадқиқотчиларнинг дала тажрибалари ва илмий тадқиқотларини ўтказиш мақсадида «Aхборот маслаҳат маркази»ни ташкил этиш учун 50 гектар суғориладиган ер майдони ажратилади. Шунингдек, филиалга бошқа ҳудудлардан ишга қабул қилинадиган профессор-ўқитувчилар турар жой билан таъминланади.
Самарқанд вилояти ҳокимининг 2020 йил 21 сентябрда қабул қилинган қарорига кўра, мазкур филиалда 2020/2021 ўқув йили учун бакалаврлар ва магистрлар тайёрлашнинг таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича қабул квотаси тасдиқланган. Маълум қилинишича, 2020 йилда ушбу филиалга 515 та қабул квотаси ажратилган. Жумладан, бакалавр — 475 та (95 та давлат гранти, 380 та тўлов-контракт), магистратура — 40 та (барчаси давлат гранти).
Маълумот ўрнида, 2020 йил 16 сентябрь куни ҳукуматнинг «Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
Аввалроқ Андижонда Тошкент давлат аграр университети филиали негизида Қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди.