«Чеченистонда сафарбарлик бўлмайди, республика режани 254 фоизга бажарган» — Рамзан Қодиров

Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров «махсус операция» бўйича тезкор штаб иштирокида ўтказилган йиғилишда республикада сафарбарлик бўлмаслигини эълон қилди.

Қодировнинг сўзларига кўра, Украинадаги уруш давомида 20 минг чечен жанговар ҳаракатларда қатнашган, шу сабабли Чеченистон «режани 254 фоизга бажариб бўлган». Гап қайси режа ҳақида кетаётганига ойдинлик киритилмаган.

Республика раҳбари, шунингдек, 21 сентябрь куни Грознийда аёллар урушга қарши митинг ўтказишга урингани ҳақида гапирган. Рамзан Қодировнинг таъкидлашича, норозилик намойишига чиққан 40 га яқин аёлларнинг қариндошлари сафарбарликка жалб этилиб, Украинага юборилган. Бундан ташқари, у митингга чиққан ҳар қандай аёлнинг эри ва барча болалари «олд фронтга» юборилишини айтиб, таҳдид қилган.