Фарғонадаги туғруқхонада 3 эгизакдан бири йўқолгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилди
Фарғона вилояти прокуратураси ижтимоий тармоқларда тарқалган «3-эгизак қаерда? Фарғонада туғуруқхонада йўқолган чақалоқ воқеаси» сарлавҳали хабар юзасидан муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, 2020 йил 9 июль куни фуқаро М.М. Фарғона шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиб, унда қизи Ф.Ғ.нинг ҳомиладорлиги давридаги текширувлар 3 та эгиз ҳомиласи борлигини кўрсатган бўлса-да, Фарғона вилоят перинатал марказида ўтказилган 2020 йил 4 июлдаги кесарча кесиш амалиётида фақат 2 нафар қиз чақалоқ олинганлигини билдириб, ҳолатга ойдинлик киритилишини сўраган.
Муносабатда айтилишича, мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида ҳомиладорликнинг 26-ҳафтасига қадар ўтказилган жами 16 та ультратовуш текширув натижалари Ф.Ғ.да икки эгиз ҳомила борлигини кўрсатганлиги аниқланган. Ҳомиладорлик даврининг 26-ҳафтасидан сўнг ўтказилган 4 та ультратовуш текшируви давомида Ф.Ғ.нинг семизлик даражаси юқори бўлганлиги, патологик соя (артефакт) гўёки 3-ҳомила бўлиб кўринганлиги туфайли унда уч эгиз ҳомила борлиги ҳақида хулосалар қилинишига олиб келган ҳамда ушбу хулосалар асосий ташхис бўлмаслиги маълум бўлган.
«Текширув давомида олинган кесарча кесиш амалиётида бевосита иштирок этган, ультратовуш текширувларини амалга оширган тиббиёт ходимларининг тушунтириш хатлари, тиббиёт ходимларига нисбатан ўтказилган хизмат текшируви хулосаси, тиббий ва бошқа ҳужжатлар асосида Ф.Ғ.нинг 3-эгиз фарзандни дунёга келтирганлиги ҳақидаги важ ўз тасдиғини топмаган», дейилади прокуратуранинг изоҳида.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан 2020 йил 18 июлда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиниб, бу ҳақда мурожаат муаллифига маълум қилинган.
Аввалроқ Андижонда 6 та эгизак чақалоқ туғилгани ҳақидаги хабар рад этилгани, Шофирконда туғилган уч эгизакка Миромон, Мирзиё ва Саида деб исм қўйилгани хабар қилинган эди.