Шофирконда ўтказилган сайёр қабулда 8 та мурожаат ҳал этилди
Бухоро вилояти Шофиркон туманида 21 октябрь, чоршанба куни бўлиб ўтган сайёр қабулда 8 та мурожаат ҳал этилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, туман ҳокими Шукурулло Ҳакимовнинг режасига биноан туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Раҳмонов ҳамда қатор ташкилот раҳбарлари иштирокида «Талисафед» маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул бўлиб ўтган.
Қайд этилишича, қабул давомида ичимлик суви тармоғини тортиб келтириш, табиий газ босимини яхшилаш, кўча ёритиш чироқларини ўрнатиш, ҳудудда кутубхона ташкил қилиш каби масалаларда 12 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнининг 8 таси ҳал этилган бўлса, қолганларига тушунтириш берилган.
Бундан аввал Вобкентда ўтказилган сайёр қабулда 23 та мурожаат ҳал этилгани ва Шофирконда ўтказилган сайёр қабулда 2 нафар талабанинг контракти учун таълим кредити ажратилгани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Бухорода вазирликлар ва маҳаллий ҳокимларнинг оммавий сайёр қабулида 1,5 мингдан ортиқ мурожаат ўрганилгани ҳамда Ғиждувонда ташкил этилган «Раҳбар ва ёшлар» учрашувида 6 та мурожаат ҳал этилгани маълум қилинганди.