Олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари тўғрисидаги низом тасдиқланди

Ҳукумат қарори (655-сон, 22.10.2021 й.) билан Олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қарорга кўра, олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари қуйидагилар:

  • Ички ишлар вазирлиги академияси;
  • Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти.

Мазкур таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади.

Бакалавриат таълим йўналишида ўқитиш кундузги, масофавий ва сиртқи (махсус сиртқи) таълим шаклларида амалга оширилади.

Кундузги таълим шаклида ўқиш камида 3 йил давом этади.

Бакалавриатда ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда (масофавий), сиртқи таълим давомийлиги олий маълумотга эга бўлмаган ходимлар учун камида 4 йил, олий маълумотга эгалар учун 3 йил этиб белгиланади.

Курсантлар 1-босқич таълим муддати якунланганидан сўнг муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳисобланади ва уларга ҳарбий гувоҳнома берилади.

Магистратура мутахассисликларида ўқитиш кундузги ёки масофавий таълим шаклларида амалга оширилиб, ўқиш давомийлиги камида 1 йилни ташкил этади.

Шунингдек, таълим муассасалари бошқарув соҳасига мутахассис кадрларни мақсадли тайёрлаш учун 2 босқичли (икки йиллик) магистратурани ташкил этиши мумкин. Бунда битирувчиларга илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланиш имконияти берилади.

Таълим муассасалари битирувчиларига диплом билан бирга ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган намунадаги кўкрак нишони берилади.