Қашқадарёда ҳоким ажратган ерни сотаётган киши қўлга тушди

Қашқадарё вилоятининг Қарши тумани «Сарой» маҳалласида туман ҳокими қарори билан ажратилган ерни сотиб юбораётган С.О. қўлга олинди.

Қайд этилишича, фуқаро Э.Ч. Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси Жиноят-қидирув бўлимининг Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлинмасига мурожаат қилган. Шу асосда вилоят прокуратураси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда С.О. Қарши тумани «Сарой» маҳалласи ҳудудидан туман ҳокимининг қарори билан тадбиркорга (С.О.нинг отаси) «Замонавий типдаги мактабгача таълим муассасаси қуриш учун» ажратилган жами 0,50 гектар ер майдонида қурилиш ишларини амалга оширмасдан, бўш ер майдонини келгусида танишлари орқали тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилган ҳолда 250 млн сўмга сотишга келишиб, келишилган пулдан 230 млн сўмини Э.Ч.дан фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан С.О.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган.

Бироқ Бош прокуратура томонидан эълон қилинган хабарда туман ҳокимининг қарори қачон қабул қилингани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Янгиликлар