Ўзбекистонда 2020 йилда қанча хорижий инвестиция ўзлаштирилгани маълум бўлди

Шавкат Мирзиёев 23 декабрь куни инвестициялар ва ташқи савдо соҳасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда 2021 йилга мўлжалланган асосий вазифалар муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича олдиндан кўрилган чоралар ўз натижасини берган. 2020 йилда 6,6 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ўзлаштирилган. Шунингдек, йил якуни бўйича 15 миллиард долларлик экспорт амалга оширилиши кутилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда давлат раҳбари 2021 йил ҳам иқтисодиёт учун осон бўлмаслигини, шу боис инвестициялар жалб қилиш, ўзлаштириш ва экспорт прогнозларини таъминлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун ҳозирданоқ аниқ, манзилли чоралар кўриш зарурлигини таъкидлаган. 2021 йили 7,5 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш мақсад қилинган. Йиғилишда ушбу маблағни ҳар бир лойиҳа бўйича тўлиқ ва муддатида ўзлаштириш чора-тадбирлари белгиланган. Бундай сармоялар ҳисобига 226 та йирик лойиҳани ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича аниқ чораларни кўриш топширилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, 69 та истиқболли янги саноат лойиҳасини сифатли амалга ошириб, иқтисодиёт ўсишига қўшимча захира яратиш вазифаси қўйилган. Бунда асосий драйвер соҳалар бўлган кимё, энергетика, машиносозлик, геология, электротехника, фармацевтика ва енгил саноат тармоқларига алоҳида эътибор қаратилади.

Аввалроқ Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомини олгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Россия ҳукумати раиси ўринбосарини қабул қилгани хабар қилинган. Учрашувда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги ва МДҲ доирасидаги мулоқотларни давом эттириш масалалари юзасидан фикр алмашилган.

Янгиликлар