Сурхондарёдаги масжидда юз берган қотиллик бўйича маълумот берилди

Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги жоме масжидида 22 декабрь куни 46 ёшли фуқаро масжид котибини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Diyor 24»

Аниқланишича, 22 декабрь куни соат 09:30 да Сурхондарё вилояти, Шеробод туманида жойлашган жомеъ масжиди биноси ичида фуқаро М.Ш. (1974 й.т., ишсиз) шу масжиднинг котиби Ш.Г. билан ўзаро жанжаллашиб, ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан унга тан жароҳати етказган.

Жабрланувчи Ш.Г. олган тан жароҳатлари оқибатида шифохонага олиб кетилаётганида йўлда вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан М.Ш.га Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва у процессуал тартибда ушланган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Аввалроқ Тошкентда 25 ёшли йигит акасини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Жиззахда куёв «лезвие» билан тан жароҳати етказмоқчи бўлган қайнтоғасини пичоқлаб ўлдиргани хабар қилинган.

Янгиликлар