Ўзбекистонда 9 баллик зилзила бўладими? ФВВ жавоб берди

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳудудларида 6 баллдан 9 баллгача зилзила бўлиши ҳақида хабарлар ва ушбу офат кузатиладиган 359 шаҳарнинг рўйхати тарқалмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Мурод Содиқов мазкур хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

«9 баллик зилзила содир бўлиши ҳақидаги рўйхат вазирлик томонидан эълон қилинмаган. Бундай хабарлар «фейк» ҳисобланади. Ҳеч ким зилзиланинг қачон ва қаерда содир бўлишини олдиндан айта олмайди», дейди Содиқов.

Ушбу хабарлар юзасидан Гидрометеорологик илмий таҳлиллар бўйича мутахассис, иқлимшунос олим Эркин Абдулаҳатов ҳам ўзининг Telegram-каналида муносабат билдирган.

«Хабарлар икки хил мазмунда бири, яқин кунларда шу баллдаги зилзила содир бўлиши мукинлиги, иккинчиси қачонлардир бўлиши мумкинлиги ҳақида эълон қилинмоқда. Албатта, биринчи версия хато. Бу рўйхат Ўзбекистоннинг умумий сейсмик районлаштириш харитасидан келиб чиқиб тузилган. Ва қачонлардир ҳудудларда шу кучдаги зилзила бўлиши мумкинлигини англатади. Балки 20, балки 100, балки 1000 йилдан сўнг», деб ёзади олим.

Абдулаҳатов аҳолида ушбу хабарлар саросима келтириб чиқарётганини урғулаган.

«Ўзбекистоннинг сейсмик районлаштириш харитаси азалдан тузиб келинади. Буни қурилиш соҳаси вакиллари ва кўпчилик кенг доирада фикрловчи қатлам жуда яхши тушунади. Қурилишларимиз шу балларни инобатга олиб қурилади. Шунинг учун аҳолидан хабарларни ваҳима ва саросима билан қабул қилмасликлари сўралади», деб ёзади Абдулаҳатов.

Янгиликлар