Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи 33 фоиз модернизация қилинди

Амалдаги заводни модернизация қилиш лойиҳаси 2020 йилда, корхона Saneg ишончли бошқаруви остида бўлган даврда бошланган эди. Модернизация туфайли 2024 йилга бориб завод маҳсулот турларини кенгайтириб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини оширади.

Келгусида ФНҚИЗ Ўзбекистонда Евро-5 тоифали автомобил бензинлари ҳамда API бўйича II+/III базавий мойларни ишлаб чиқарувчи биринчи ва ягона корхонага айланади.

Лойиҳанинг муҳим жиҳати – углеводородларнинг қайтариб бўлмайдиган йўқотишларини камайтириш ҳамда заводнинг резервуар паркини янгилашдир. Айни пайтда турли ўлчамдаги 36 та янги замонавий резервуардан 12 таси ўрнатилмоқда. Метрологик ҳисоб-китоблар, ишлаб чиқаришни назорат қилиш, резервуарларни инвентаризация қилиш ва резервуарларни ортиқча тўлдириб юборишга йўл қўймаслик учун Швейцариянинг Endress+Hauser компаниясининг TankRadar Rex ўлчаш тизими қўлланилади.

Янги ва мавжуд технологик буғ қурилмаларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжларини қондириш учун кимёвий сув тозалаш иншооти билан бойитилган буғ қозохона лойиҳаланиб, барпо этилмоқда.

Асосий блокларнинг қурилиши ҳам бошланган, натижада ФНҚИЗ қувватлари оширилади. Гидрокрекинг қурилмаси, водород ишлаб чиқариш блоки ҳамда қисқа муддатли абсорбция мосламаси кабилар шулар жумласидандир.
Нефт чиқиндиларини утилизация қилиш ва ишлаб чиқаришга қайтариш имконини берувчи нефт шламларини қайта ишлаш саноат ускунаси ишга туширилди.
Турли маркаларга оид бензинни барқарор ишлаб чиқариш мақсадида Франциянинг Axens компаниясининг замонавий гидротозалаш катализатори харид қилинди ва каталитик риформинг блокининг реакторларига юкланди.

Модернизация лойиҳасини амалга ошириш учун бугунги кунга қадар жами 249,6 миллион доллардан ортиқ ташқи инвестициялар ва ўз маблағлари жалб этилди.
Модернизация лойиҳасини амалга ошириш доирасида бугунги кунга қадар жами 249,6 млн АҚШ долларидан ортиқ ташқи инвестициялар ва ўз маблағлари жалб этилган.

«Лойиҳа доирасида ФНҚИЗ ишлаб чиқариш қувватларини юклаш ҳажмини йилига 2 миллион тоннагача ошириш назарда тутилган. Корхона Saneg конларидан қазиб олинган маҳаллий хомашё билан ҳам, хориждан импорт қилинган хомашё билан ҳам таъминланади, – дейди директорнинг модернизация ва истиқболли ривожлантириш бўйича ўринбосари Абдусалом Абдуманоний. – Ҳозирда лойиҳага минглаб ишчилар ва юзлаб махсус техника жалб этилган. Ишлар босқичма-босқич ва самарали амалга оширилмоқда. Тез орада изомеризация қурилмаси қурилиши бошланади, у октан сони юқори бўлган қайта ишланадиган нефтдан автобензин олиш унумини оширади».

Янгиликлар