Тошкентда 7 та мотоцикл ҳайдовчисига маъмурий баённома расмийлаштирилгани маълум қилинди (фото)

Тошкент вилоятида 23 август куни Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан Юқори Чирчиқ ва Бўстонлиқ туманлари ҳудудида «Мотоцикл» тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 4P12 «Бектемир—Чорбоғ» автомобиль йўлида бўлиб ўтган тадбирда 20 дан ортиқ мотоцикл ҳайдовчиси тўхтатилган. Улардан 7 нафарига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати

Шунингдек, 5 та мотоцикл ҳайдовчисининг тегишли ҳужжатлари бўлмаганлиги сабабли транспорт воситалари вақтинчалик жарима майдончаларига киритилган. Бундан ташқари, 3 та ҳолатда мотоциклнинг давлат рақам белгилари яшириб олингани қайд этилган.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати

Қайд этилишича, 4P12 «Бектемир—Чорбоғ» автомобиль йўлида сўнгги 3 ойда 65 та мотоцикл ҳайдовчилари томонидан тезликни меёридан ошириш ҳолати аниқланган. Ҳолатларнинг барчасида аҳоли яшаш жойида, яъни 70 км/соат тезлик белгиланган жойда 110 км/соат тезликдан ортиқ тезлик билан ҳаракатланган. Ушбу мотоцикл ҳайдовчиларига Маъмурий жавобгарлик кодексининг 128-моодаси 3-қисмига биноан базавий ҳисоблаш миқдорининг 9 баробарида жарималар белгиланган.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ёзёвонда «Восход 3М» мотоциклини ўғирлаган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Фарғонада «ИЖ» русумли мотоцикллар тўқнашиши оқибатида вояга етмаган фуқаро вафот этгани маълум қилинди.

Янгиликлар