Тошлоқда сувсизликдан қийналган аҳоли мурожаатига расмий муносабат билдирилди (фото)

Фарғона вилояти Тошлоқ туманида сувсизликдан қийналган аҳоли мурожаатига расмий муносабат билдирилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тошлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, мурожаатда «Тошлоқ тумани ‘Ахшак’ қишлоқ фуқаролар йиғини ‘Янгиқишлоқ-Якавут’ маҳалласидан мурожаат қилмоқдамиз. Маҳалла аҳли сувсизликдан қийналиб кетдик. Ичимлик сувини пулга сотиб олиб ичамиз. Маҳаллага мурожаатдан фойда йўқ. Ҳолбуки, илгари дренаждан сув олар эдик. Cув муаммосининг ҳал этилишини сўраймиз» дейилган.

Фото: Тошлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Мурожаат юзасидан туман ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоев кўрсатмаси билан ишчи гуруҳи тузилиб, «Яккавут» маҳалла фуқаролар йиғинида ўрганиш ишлари олиб борилган.

Фото: Тошлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, мурожаатда айтилган сув иншооти насоси бир йил аввал носозлиги туфайли аҳолига тоза ичимлик суви тарқатилиши тўхтаган. Янги насос «Сувтаъминоти» МЧЖ томонидан ўрнатилди. Тоза ичимлик суви аҳолига етказилиб, «Сувтаъминоти» МЧЖ билан шартномаларни имзолаш ишларлари олиб бориляпти.

Фото: Тошлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум бўлишича, «Яккавут» маҳалласидаги 485 та хонадонда 2800 дан зиёд аҳоли яшайди. Маҳалладаги 130 дан ортиқ хонадон 2015 йилда, 2020 йил август ойида эса яна 70 та хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланган. Жорий таъмирдан чиқарилган сув иншооти ҳисобига 300 га яқин хонадон сув билан таъминланган.

Фото: Тошлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Шу ўринда, ҳудудларда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси ўрганиб чиқилган бўлиб, шу кунга қадар 15 километр сув тармоғи тортилиб, 2300 га яқин хонадон тоза ичимлик суви билан таъминлангани айтилган.

Маълумот берилишича, бугунги кунда «Сувтаъминоти» МЧЖ томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига «Заркент», «Қумариқ» ва «Терактаги» маҳаллаларида 5 километр тоза ичимлик суви тармоғини тортиш ишлари олиб бориляпти. Бу билан ҳудуддаги 400 га яқин хонадонга тоза ичимлик суви тармоғи етиб боради.

Аввалроқ Андижон туманидаги маҳаллалардан бирига 600 метрлик ичимлик суви қувури тортилгани, Тойлоқдаги 2 та қишлоқда 601 миллион сўм эвазига сув иншоотлари қуриб битказилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар