Самарқандда тиббий муассасаларга тез ёрдам хизмати учун 10 та «Volkswagen» берилди

Самарқанд вилоят ҳокимлиги вилоятдаги тиббий муассасаларга махсус жиҳозланган 10 та «Volkswagen» русумидаги тез тиббий ёрдам автомашиналарини харид қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Жиззах автомобиль заводида ишлаб чиқарилган мазкур тез тиббий ёрдам автомобиллари учун маҳаллий бюджетдан 3 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилган. Ушбу транспорт воситалари Самарқанд шаҳридаги тез тиббий ёрдам кўрсатиш бекатлари, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят перинатал маркази ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалига берилган.

Маълумот учун, 2020 йилнинг ўзида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан вилоятдаги тиббиёт муассасалар учун 10 та «УАЗ», 103 та «Damas», 2 та «Isuzu», 1 та микроавтобус харид қилинган.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги қўшимча тиббий ускуналар ҳамда тез ёрдам машиналариини харид қилгани, Андижон шаҳридаги тиббиёт муассасаларига жами 10 дона «Damas» топширилгани хабар қилинган эди.