Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари ходимларига табрик йўллади

Шавкат Мирзиёев 25 октябрь — Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳурматли ички ишлар тизими ходимлари!

Қадрли офицер ва генераллар, сержантлар ва сафдорлар!

Муҳтарам фахрийлар!

Аввало, сиз, азизларни 25 октябрь — Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Мустақиллик йилларида бутун мамлакатимиз қатори ички ишлар органлари ҳам ғоят шарафли ва масъулиятли йўлни босиб ўтди.

Соҳа ходимларининг жамоат тартиби ва тинчлик-осойишталикни сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги фидокорона хизматини, айниқса уларнинг бугунги пандемия шароитида кўрсатаётган жонбозликларини халқимиз яхши англайди ва муносиб қадрлайди.

Азиз дўстлар!

Кейинги тўрт йилда барча соҳалар сингари ички ишлар тизимида ҳам кенг кўламли ва пухта ўйланган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ички ишлар органларини эл-юрт манфаатига хизмат қиладиган чинакам халқчил тизимга айлантириш йўлида катта ишлар олиб борилмоқда.

Шу мақсадда ушбу тизим фаолияти тубдан такомиллаштирилиб, марказий аппаратдаги шахсий таркибнинг 85 фоизи бевосита аҳоли яшаш пунктларига, қуйи тизимларга туширилди.

Ички ишлар органларини халққа янада яқинлаштириш, мурожаатларни туну кун қабул қилиш, мавжуд муаммоларни жойида ва ўз вақтида ҳал этиш мақсадида 200 тага яқин ички ишлар бўлими ва бўлинмалари фаолияти тўлиқ янгитдан ташкил этилди.

Тизимдаги барча таркибий ва ҳудудий бўлинмалар, жумладан, профилактика, жиноят қидирув, тергов, йўл-патруль ва патруль-пост хизматлари, эксперт-криминалистика ва паспорт бўлинмалари мутлақо янгича мезонлар асосида қайта шакллантирилгани, ходимлар хизмат фаолиятига хос бўлмаган кўплаб ишлардан озод этилгани соҳада иш самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, жамоат жойлари ва кўчаларда хавфсизликни таъминлаш борасида ички ишлар органларининг Миллий гвардия билан биргаликдаги хизмати йўлга қўйилганини қайд этиш зарур.

Соҳада шахсий таркибни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг яшаш ва хизмат шароитларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Сўнгги тўрт йилнинг ўзида 241 та хизмат уйлари қурилиб, уй-жойга эҳтиёжи бўлган ва хизматда алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларнинг оилаларига топширилгани ҳам бу борадаги ишларимизнинг амалий тасдиғидир. Бундан ташқари, 2018-2020 йилларда соҳа ходимлари учун имтиёзли ипотека кредити асосида Тошкент шаҳрида барпо этилган замонавий кўп қаватли уйлардан 392 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда эса 2 мингга яқин квартира ажратилди.

Ички ишлар органлари инновацион рақамли технологиялар ва ахборот-коммуникация тизимлари билан мунтазам таъминланмоқда. Биргина 2017—2020 йилларда шахсий таркиб учун 45 та янги хизмат объекти қурилиб, фойдаланишга топширилгани бу фикрни тасдиқлайди.

Жамият ҳаёти учун катта таҳдид бўлган уюшган жиноятчилик, терроризм, экстремизм, коррупция, одам савдоси ва наркотрафикка қарши кураш кучайтирилмоқда. Бу борада илм-фан ютуқлари ва илғор технологиялардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ана шундай ислоҳотларимиз натижасида ички ишлар органлари замонавий техника билан таъминланган, халқчил ва очиқ, криминоген вазиятни мустаҳкам ва ишончли назорат қила оладиган, мобиль ва ихчам тузилмаларга айланиб бормоқда. Энг муҳими, соҳа ходимларининг маънавий қиёфаси, жамиятимиздаги обрў-эътибори юксалиб бормоқда.

Сизларга яхши аёнки, жиноятчиликка қарши курашнинг энг самарали усули — профилактика, яъни қонунбузарликларнинг олдини олишдан иборат. Шу мақсадда мамлакатимизда биринчи марта ҳар бир маҳаллага бир нафардан профилактика инспектори бириктирилди, уларга маҳалла раисининг ўринбосари мақоми берилди.

Биз профилактика инспектори текширувчи ёки назоратчи эмас, балки барча ҳаётий масалаларда маҳалла аҳлига кўмак берадиган, чинакам елкадош, ёнма-ён турадиган куч бўлишини вазифа қилиб қўйдик. Ушбу ходимларнинг фаолиятини узлуксиз ташкил этиш ҳамда аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида уларга 6 787 та хизмат уйлари қуриб берилди, 7 388 та шахсий автомашина учун имтиёзли кредитлар ажратилди.

Мамлакатимиз тарихида илк бор фақат аёл ходимлар ишлайдиган хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор лавозимлари жорий этилди. Бугунги кунда улар ҳар бир маҳаллада фуқаролар йиғинлари раисларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари билан ҳамкорликда опа-сингилларимизнинг маслаҳатчиси, ҳимоячиси ва кўмакдошига айланмоқда.

Билиб-билмасдан жиноят йўлига кириб қолган ва жазони ўтаётган фуқароларнинг ижтимоий мослашувини, соғлом ҳаётга қайтишини таъминлашда ҳам ички ишлар органларининг ўрни ва роли ортиб бормоқда. Бу йўналишда илгариги жазони ижро этиш инспекцияси ўрнига пробация хизматини ташкил этдик. Ушбу хизмат маҳкумларни зарур касб-ҳунарларга ўқитиш ва тайёрлаш, ишга жойлаштириш, уларни хусусий тадбиркорликка жалб этиш, энг асосийси, иш берувчилар томонидан уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишида яқиндан ёрдам кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқларимизнинг сайёҳлик жозибадорлигини ошириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги таркибида хавфсиз туризмни ташкил этиш бўлинмалари фаолиятини йўлга қўйганимиз ҳам муҳим қадам бўлди. Ҳозирги вақтда ушбу бўлинмаларда камида 3 та хорижий тилни биладиган, тарих, этнография ва санъат соҳасида чуқур маълумотга эга бўлган ёш ўғил-қизларимиз ўз хизмат вазифаларини муносиб адо этмоқдалар.

Бугунги кунда ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилаётгани, соҳада ўз бурчи ва қасамёдига содиқ, ватанпарвар ва халқпарвар ходимлар сони кўпайиб бораётганини ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижаси сифатида қабул қиламиз.

Ички ишлар органлари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратининг янги тизими ўрнатилгани, ички ишлар органи бошлиғидан тортиб профилактика инспекторигача халқ олдида ҳисобот берадиган амалиёт жорий этилгани аҳолининг уларга бўлган ишончини янада оширмоқда.

Ҳурматли соҳа вакиллари!

Шиддат билан ўзгараётган бугунги мураккаб замонда дунёнинг турли минтақаларида ҳукм сураётган нотинч вазиятлар, қуролли тўқнашувлар ҳар биримизни доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундайди. Бундай шароитда уюшган трансмиллий жиноятчилик, терроризм ва экстремизм, наркобизнес, коррупция каби таҳдидларга қарши самарали курашиш, уларга кескин зарба бериш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган ана шундай ўткир, кечиктириб бўлмас талаблардан келиб чиққан ҳолда, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш учун қуйидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим:

биринчидан, ички ишлар органлари учун интеллектуал ва профессионал билим даражаси, маънавий-ахлоқий савияси юқори бўлган кадрлар тайёрлаш бўйича сифат жиҳатидан янги тизимни жорий этиш;

иккинчидан, ички ишлар органларини, айниқса, профилактика, жиноят қидирув, тергов, йўл-патруль ва патруль-пост хизмати ҳамда эксперт-криминалистика бўлинмаларини замонавий техника, ахборот коммуникация тизимлари ва махсус воситалар билан таъминлашни янада кучайтириш;

учинчидан, ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда, амалий фаолиятга янгича иш услублари ва механизмларини, хусусан, рақамли технологияларни кенг татбиқ этиш;

тўртинчидан, ходимлар ва уларнинг оилаларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини, жумладан, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, хизмат ва дам олиш шароитларини янада яхшилаш, уй-жой ва моддий таъминотини босқичма-босқич мустаҳкамлаб бориш;

бешинчидан, мамлакатимиз ички ишлар органларининг шонли тарихини асраб-авайлаш, соҳа ходимлари ва фахрийларининг келгуси авлодларга намуна бўладиган жасоратини, кўрсатган ибрат намуналарини оммалаштириш, Ватанимиз мустақиллиги ва эл-юртимиз осойишталиги йўлида азиз жонларини фидо қилган ходимларнинг хотирасини эъзозлаш ва абадийлаштириш.

Агар давлат таянадиган асосий устун қонун бўлса, унинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим бу – ички ишлар соҳаси, десак, айни ҳақиқат бўлади.

Биз бундан кейин ҳам ушбу соҳани ҳар томонлама ривожлантириш, унинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳақиқий халқчил тизимга айлантириш учун бундан буён ҳам барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Фурсатдан фойдаланиб, сиз, азизларга фидокорона меҳнатингиз, ўз хизмат бурчингиз, Ватанимиз ва халқимизга садоқатингиз учун чуқур миннатдорчилик билдираман.

Ушбу кунда эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида ҳалок бўлган мард ва жасур соҳа ходимларининг хотирасини ҳурмат-эҳтиром билан ёд этиб, уларнинг оилалари ва фарзандларига байрам табригимиз ва эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.

Ҳурматли ички ишлар ходимлари!

Муҳтарам фахрийлар!

Сизларни яна бир бор касб байрамингиз билан чин юракдан қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, хонадонларингизга файзу барака, ғоят масъулиятли ва серқирра фаолиятингизда янги зафарлар тилайман.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Давлат тили куни муносабати билан табриклагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент 1 октябрга бағишланган тадбирда ўқитувчи ва мураббийларга табрик йўллагани хабар қилинган.