«Ўша лаҳзани эсласам, унинг жирканч ҳаракатлари хаёлимга келади». Ўзбекистонлик аёл 15 йил олдин унга қилинган тегажоқлик ҳақида айтиб берди
Ўзбекистонлик аёл унга 15 йил олдин бегона эркак автобусда тегажоқлик қилмоқчи бўлганини айтиб берди.
Маълум қилинишича, бегона эркак бундан 15 йил олдин мактабдан уйга қайтаётган 12 ёшли қизга (мурожаатчи аёлга) тегажоқлик қилмоқчи бўлган. Аёл бу ҳолатдан жуда ҳам қўрққанини таъкидлаган.
«Ўша воқеа содир бўлганида 12 ёшда эдим. Мактабнинг иккинчи сменасида ўқидим. Ўқиш кунлари уйга 17:00 атрофида қайтардим. Воқеа содир бўлган куни уйга автобусда қайтаётгандим. Автобусда одамлар кўп эди ва ёнимда қўлида дипломати бўлган, костюм кийган, баланд бўйли эркак ўтирарди. Тасодифан эркак менга тегажоқлик қила бошлади. Дастлаб транспорт востисида жой камлиги учун шундай бўлмоқда, деб ўйладим. Лекин эркак бу ишни қасддан қилаётганини сезиб қолдим. Мен уни ўзимдан итаришга уриндим, аммо у қаттиқроқ ҳаракат қила бошлади.
Одамлар кўплиги учун бизни ҳеч ким кўрмади. Одамларга қарашдан қўрқдим. Ўша лаҳзани эсласам, фақат унинг жирканч ҳаракатлари хаёлимга келади. Ёрдам сўрашни истасам-да, уялганим учун сўрай олмадим.
Худодан бу воқеа тезроқ тугашини сўрадим ва шундай бўлди. Автобуснинг шиналари ёрилиб кетди ва ҳайдовчи кейинги бекатгача 200 метр юришини айтди. У эркакдан қочиш учун орқа эшикдан тушдим ва бир аёлга қўлидаги юкларини кўтаришга ёрдам бердим. Бекатга борганда ўша аёлнинг ёнида турдим. Автобус келганида эркак менинг орқамда транспортга чиқди.
Ўз бекатимга етиб келганимда автобусдан тушдим. Аммо бекатдан уйгача масофа узоқроқ эди. Мен уйга жуда тез, деярли югуриб кета бошладим. Йўлнинг ярмига етганда бобомни кўриб қолдим. Бобом мени олиб кетиш учун бекатга кетаётганини айтди ва бирга уйга қайтдик. Эркак бизни озроқ кузатди ва кейин орқада қолиб кетди», — дея эслаган аёл.
Таъкидланишича, ушбу воқеадан сўнг аёл костюм кийган эркаклардан қўрқиб яшаган.
«Ушбу воқеадан сўнг 2 йил давомида костюм кийган эркаклардан қўрқиб яшадим. Воқеа содир бўлганига 15 йил бўлди, ҳозир 27 ёшдаман. Ҳозирда кимдир менга тегажоқлик қилишга уринса ёки ҳазиллашса, дарҳол ўша воқеалар кўз олдимдан ўтади, жаҳлим чиқади», — деди 27 ёшли аёл.
Аввалроқ Санкт-Петербургда 13 ёшли қизни машинада зўрламоқчи бўлган ўзбекистонлик ҳайдовчи қўлга олингани ва Сирдарёда 8 ёшли қизни мактаб ҳожатхонасида зўрламоқчи бўлган эркакка чора кўрилмагани ҳақида хабар қилинган эди.
Шунингдек, вояга етмаган болани зўрлашда айбланган эркак Нурафшон шаҳар суд биносидан қочиб кетгани ҳамда Самарқандда хонанда вояга етмаган қизнинг номусига теккани тахмин қилинаётган ҳолат юзасидан жиноий иш очилгани маълум қилинганди.