Вояга етмаган болани зўрлашда айбланган эркак Нурафшон шаҳар суд биносидан қочиб кетди

Тошкент вилояти Нурафшон туманида 21 октябрь куни соат 17:00 лар атрофида вояга етмаган болани зўрлашда айбланаётган 34 ёшли эркак шаҳар суди биносидан қочиб кетган. Бу ҳақда «Tez News»га ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбалар хабар берди.

Таъкидланишича, эркакнинг исми Абдулахатов Шерзод Самандарович, миллати ўзбек, вақтинча ишсиз. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш), 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноий иш қўзғатилган.

Бундан ташқари, эркак илгари тўрт марта судланганлиги ҳақида хабар берилган:

  • 2010 йил 1 январь — Россия суди томонидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 213-моддаси (Безорилик) 1-қисми;
  • 2014 йил 16 апрель — Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси (Талончилик) 2-қисми «а» ва «б» банди;
  • 2014 йил 19 сентябрь — Жиноят ишлари бўйича Бўка туман суди томонидан 119-модданинг (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш) 1-қисми, 2-моддаси «а», «б» банди ҳамда Жиноят кодексининг 166-моддаси (Талончилик)
  • 2017 йил 16 октябрь — Жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман суди томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисмининг «д» банди билан айбдор деб топилган.

Қайд этилишича, эркак илгари уйланган ва ажрашган. Унинг битта фарзанди бор. Маълумотларга кўра, унинг бўйи тахминан 165—170 см, қора қиш кўйлаги, қора спорт шимлари, қора кепка ва қора терили кийимда бўлган.

Аввалроқ Сирдарёда 8 ёшли қизни мактаб ҳожатхонасида зўрламоқчи бўлган эркакка чора кўрилмагани ҳақида хабар берилганди.