81 ёшли «Дунё гўзали»ни автобус босиб кетди — фото

Аргентинадан биринчи бўлиб «Miss World» мукофотига сазовор бўлган 81 ёшли Норма Каппагли автобус уриб юбориши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда 23 декабрь, чоршанба куни маҳаллий «La Nacion» газетаси хабар берди.

Норма Каппагли, 1960 йилда мукофотни олган жараёни
Фото: «Newsflash»

Маълум қилинишича, фожиа Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда модель уйи яқинидаги автобус бекатида юз берган. Норма Каппагли олган жароҳатлари туфайли деярли бир ҳафта комада бўлган. 22 декабрь, сешанба куни эса вафот этган.

Фото: «static.missworld»

«Уни автобус уриб юборди ва оғир жароҳатлар билан касалхонага етказилди. Аммо шифокорлар аргентиналик биринчи ‘Miss World’ ҳаётини сақлаб қола олмади», дейилади хабарда. Собиқ «гўзал»ни уриб юборган автобус ҳайдовчиси воқеа жойида ҳибсга олинган. Ҳозирча унинг 28 ёшда экани маълум, аммо  исми ҳанузгача очиқланмаган.

Фото: «Recxscanpix»

«Шуни таъкидлайманки, COVID-19 пандемияси давом этаётганига қарамай, унга вирус юққани йўқ эди. У автобус ҳайдовчисининг эҳтиётсизлиги туфайли вафот этди. Биз ҳозир тушкунликдамиз», — деб изоҳ берган марҳумнинг жияни Карл Каппалия.

Фото: «Newsflash»

Маълумот учун, Норма Гладис Каппагли 1960 йилда «Дунё гўзали» танловида ғолиб чиққан аргентиналик биринчи модель ҳисобланади. Унга соврин сифатида 500 фунт стерлинг ва спорт автомобили топширилган. Шундан сўнг модель кўплаб таниқли мода уйлари, жумладан, «Dior» ва «Armani» билан ишлаган.