Ўзбекистонда 2021 йилда қайси ҳудудларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари бошланиши маълум бўлди

Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб қайси ҳудудларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари бошланиши тўғрисида маълумот берди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг 2015 йилдаги резолюциясига асосан аъзо давлатларни ҳар 10 йилда камида бир марта аҳолини рўйхатга олишни қатъий тавсия этган. Аҳолини рўйхатга олишда хар бир фуқаронинг маълумотлари муҳим аҳамиятга эга бўлиб, аввало, аҳолининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби, оилавий аҳволи, маълумоти, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, бандлиги, даромад манбалари каби кўрсаткичлар бўйича батафсил маълумот тўпланади.

Ўзбекистон ҳудудида дастлабки аҳолини рўйхатга олиш 1897 йилда ўтказилган бўлиб, сўнгги бор бу тадбир 1989 йилда амалга оширилган. Мустақил Ўзбекистон тарихида эса бу жараён илк бор 2023 йилда ўтказилиши белгиланган. Рўйхатга олиш ишларига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 2021 йилда республиканинг 4 та ҳудудида — Андижон вилоятининг Ҳўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида истисно тариқасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади.

«Аҳолини рўйхатга олишдан асосий мақсад Ўзбекистонда аҳоли таркибининг ҳолати ва ривожланиш динамикаси ҳақида мамлакатни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш ва уни амалга ошириш учун зарур бўлган ишончли ва холис ахборотни олишдан иборатдир», дейилади хабарда.

Янгиликлар