Қашқадарёда икки хотин билан бир уйда яшаган 21 ёшли йигит 4 йилга уй қамоғига ҳукм қилинди

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 21 ёшли йигитга нисбатан Жиноят кодексининг кўп хотинли бўлиш ҳамда 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш моддалари бўйича иш кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди.

Маълум қилинишича, 2002 йилда туғилган судланувчи А.Т. 2004 йилда Қарши шаҳрида туғилган вояга етмаган Г.Ғ.га 16 ёшга тўлмаганини билган ҳолда эр-хотин бўлиб яшашни таклиф қилган.

Қизнинг розилиги билан улар 2019 йил декабрь ойидан шу кунга қадар эр-хотин бўлиб яшаб келган, 1 нафар фарзанди бор.

Бундан ташқари, А.Т. 2006 йилда Қарши шаҳрида туғилган вояга етмаган Э.Э.га ҳам эр-хотин бўлиб яшашни таклиф қилган. Унинг розилиги билан 2022 йилнинг августидан декабрига қадар ўз хонадонида бирга яшаган, яъни эркак бир уйда 2 нафар хотин билан умумий рўзғор асосида кун кечирган.

Судланувчи бу ҳаракатлари билан Жиноят кодексининг 126-моддаси 1-қисми (Кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш) ва 128-моддаси 3-қисми «а» банди (Такроран 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш)да кўрсатилган жиноятларни содир қилган.

Судланувчи А.Т. судда қилмишидан пушаймонлиги, иккала оиласи билан уларнинг розилиги асосида яшагани, жабрланувчилардан кечирим сўрашини билдириб, қонуний енгиллик беришни сўраган.

Унинг биринчи аёли Г.Ғ. судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини билдириб, қонуний енгиллик беришни сўради.

Суд ҳукмига кўра, судланувчига нисбатан 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бунда унинг кеч соат 23:00 дан эрталаб соат 06:00 га қадар яшаш уйидан чиқиши чекланган.

Янгиликлар