Фарғонада «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури учун 2 млрд сўм кредит маблағлари ажратилади (фото)

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев вилоят бошқарма, тегишли ташкилот раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ билан Шоҳимардонда Вазирлар Маҳкамасининг «Фарғона вилоятининг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Йиғилиш Шоҳимардон марказидаги амфитеатр ҳудудида очиқ-ошкора тартибда бўлиб ўтди. Таъкидланишича, қарорда белгиланган вазифалар бандма-банд ижро этиб келинмоқда. Бундан ташқари, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида асаларичилик, тикувчилик, чорвачилик ва бошқа йўналишлар учун 2 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилади. Шоҳимардонда ой охиригача хорижий валюта бирликларини сотиб олиш, алмаштириш, почта жўнатмаларини олиш кичик банки ташкил этилади. Бўш турган иншоотлар мулкчилик шаклидан қати назар, тўлиқ хатловдан ўтказилиб, давлат тасарруфида бўлганлари тадбиркорларга сайёҳлик хизматини ташкил этиш шарти билан сотилади.

Фото: Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

«Биз Шоҳимардондаги собиқ дам олиш уйларидан бирини ҳокимлик тасарруфига олдик ва энди уни ‘Aёллар реаблитасия маркази’га айлантирамиз. Зарур тиббий жиҳоз, мутахассислар билан таъминлаймиз, бу ишлар учун талаб этилган миқдордаги маблағни ажратамиз» — деди Шуҳрат Ғаниев.

Фото: Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек туманда 30 та оилага 200 миллион сўмлик иссиқхоналар қуриб бериш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 2 та резурвуор қуриш, биргина Ёрдон қишлоғига 7 километр сув тармоғи тортиш, 15 километр электр тармоқларини таъмирлаш ёки янгилаш, 80 тонналик суюлтирилган газ сақлагич, ҳудудни  тезкор интернет  тизими билан қамраб олиш, ветеринария хизмати шахобчасини ташкил этиш, 200 та хотин-қизлар учун тикувчилик корхонасини тез кунда ишга тушириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Вилоят ҳокими ҳар бир вазифанинг ижрочисидан уни бажаришнинг аниқ кунини айтишни талаб қилди.

Фото: Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

«Бизга бўлган чексиз эътибор ва ғамхўрликдан миннатдормиз. Ҳа, Шоҳимардон бошқа давлат ҳудудидаги оролча. Aммо, аввало, Шавкат Мирзиёев бизни ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймаган. Бугун ҳам Мустақилликнинг 29 йиллиги байрами арафасида 2500 қоп ун, 2500 та ҳар бири 5 литрлик ёғ бепул юборибди. Уни барча хонадонларга бирдек тарқатяпмиз»,  — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Икром Aбдуҳолиқов.

Қайд этилишича, икки кун давомида вилоятнинг барча хизмат кўрсатиш бошқарма, идора раҳбарлари, мутахассислари Шоҳимардон ва Ёрдондаги 16 та кўчада жойлашган мингта хонадонга бирма-бир кириб, уларнинг ҳолидан хабар олди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aндижон ҳокими Балиқчидаги қиймати 20 миллион доллар бўлган корхона билан танишгани ҳамда Фарғона вилояти ҳокими ОТМ қабул жараёнига тайёргарликларни кўздан кечиргани ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар