Пастдарғомда маҳаллалар кесимида қўшимча Call-марказлар ташкил этилди

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги маҳаллалар кесимида қўшимча Call-марказлар ташкил этилди. Бу ҳақида туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, коронавирус инфекцияси билан оғриган бемор аҳоли орасида аниқланганда унинг даволаниши учун тўғри тавсия берилишини йўлга қўйиш мақсадида Пастдарғом тумани бўйича жами 5 та мобиль гуруҳ шакллантирилди. Туну кун фаолият олиб бориши учун уларга тез тиббий ёрдам машиналари бириктирилди. Тумандаги қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ оилавий поликлиникалари 24 соатлик иш режимига ўтказилди. Шунингдек, фуқаролар 24 соат мобайнида бирламчи тиббий-санитария муассасаларига мурожаат қилиши йўлга қўйилди.

Ундан ташқари, беморларнинг тез тиббий ёрдамга эҳтиёжи туғилганда улар билан боғланишда муаммолар юзага келмаслиги учун маҳаллалар кесимида Call-марказлари ташкил қилинди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ҳудудларда коронавирусга чалинган беморларни қабул қилиш ва саралаш марказларини ташкил этиш кераклигини айтгани хабар қилинган эди. Шундан сўнг Бухоро давлат тиббиёт институти мутахассислари томонидан Call-марказ ташкил этилди.

Янгиликлар