Жиззахда дўпписида героин яширган эркак қўлга олинди

Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги «Юқори нуқта» йўл-патруль хизмати масканида дўпписининг ичига гиёҳванд моддани яширган эркак қўлга олинди.

Маълум қилинишича, асли тожикистонлик эркак Ургут туманига мурид овлашга бориб, героинга харидор бўлган. У 800 минг сўмга гиёҳванд моддани сотиб олиб, таътиб кўрган. Орадан 10 кун ўтгач, оғунинг хумори тутиб, Жиззахдаги яшаш уйидан яна Ургутга борганида ушланган.

«Қорадори истеъмол қилардим, у қолмабди. Бир-икки ойдан бери оғриб, чидай олмадим… Тўхтатиб қоламан дердим, лекин нафс менга жафо қилди», — дейди у.

Жиноят ишлари бўйича Жомбой тумани судида харидор ва қўлга тушган 68 ёшли героин сотувчиси ҳам суд қилинди.

Харидор Жиноят кодексининг 276-модда (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми «а» банди билан, сотувчи эса 273-модда (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан айбли деб топилди. Уларга нисбатан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Янгиликлар