Навоий вилоятида Ғозғон шаҳар ҳокимлиги ташкил этилди

Навоий вилоятида Ғозғон шаҳар ҳокимлиги ташкил этилди. Бу ҳақида Telegram’даги «Ҳудуд информ» каналида маълум қилинди.

Қайд этилишича, «Навоий вилояти таркибида Ғозғон шаҳар ҳокимлигини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори қабул қилинган.

Унга кўра, Навоий вилояти таркибида вилоят бўйсунувидаги Ғозғон шаҳар ҳокимлиги ташкил этилган.

Ғозғон шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига кўра:

  • қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги таъминланади;
  • шаҳар ҳудудидаги геология-қидирув ишлари орқали янги конларни аниқлаш ва ўзлаштириш чоралари кўрилади;
  • шаҳарда кўп квартирали уйлар қурилишини ташкил этиш орқали урбанизация даражасини оширишга эътибор қаратилади.

Қарор билан шунингдек,

  • Ғозғон шаҳар ҳокимлиги бошқарув аппаратининг намунавий тузилмаси;
  • Ғозғон шаҳридаги давлат органлари ва ташкилотларининг бўлинмалари ва бошқарув ходимларининг сони тасдиқланган.

Ғозғон шаҳрида жойлашган давлат органлари ва ташкилотларининг бошқарув ходимлари вазирлик ва идораларнинг умумий штат бирликлари доирасида киритилиши белгиланган.

Аввалроқ Наманган шаҳрида янги туман ташкил этилиши ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Президент Тошкент шаҳрида ташкил этилиши кутилаётган 4 минг гектар майдонли янги туман лойиҳаси билан танишгани маълум қилинган.