Самарқандда аҳолининг электр энергиясидан қарздорлиги салкам 640 млрд сўмга етди

Самарқанд вилоятида аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларнинг етказиб берилган электр энергиясидан қарздорлиги 639,2 миллиард сўмга етди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, Самарқандда ноқонуний қурилган янги кўп қаватли уй-жойлар билан электр энергиясини сотиш юзасидан шартномалар тузилмайди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси қарори билан «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти директори У.Жўраевга шу мазмундаги вазифа юклатилган.

У.Жўраевнинг ҳисоботида қайд этилишича, аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларнинг етказиб берилган электр энергиясидан қарздорлиги 639,2 миллиард сўмга етган. Яъни, йил бошига нисбатан қарздорлик 156,1 миллиард сўмга ошган. Таъкидланишича, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг электрон автоматлаштирилган тизими жорий этилгунга қадар 210 минг 315 та истеъмолчилардан тўловлар ундирилган. Тизим жорий этилганидан сўнг 550 минг 352 та истеъмолчилардан тўлов ундириш имконияти яратилган.

Шунингдек, 2020 йилнинг ўтган тўққиз ойида 1 триллион 122 миллиард сўмлик электр энергияси етказиб берилган. Шундан, аҳолига 411 миллиард 336 миллион, улгуржига 710 миллиард 700 миллион сўмлик электр энергияси етказилган. Бироқ 948,5 миллиард сўм ёки 84,5 фоиз маблағ ундирилган. Оқибатда аҳолининг 548,1 миллиард сўм ва улгуржи истеъмолчиларнинг 91 миллиард сўм дебитор қарздорлиги вужудга келган.

Маълумот учун, сессияда дебитор қарздорликни камайтириш мақсадида бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан аниқ вазифалар белгиланган.

Аввалроқ Андижонда январь—октябрь ойларида салкам 300 мингта электр ҳисоблагич ўрнатилганди. Шунингдек, Когондаги қишлоққа қуввати 160 кВА бўлган трансформатор пункти ўрнатилгани хабар қилинганди.