Ўзбекистонда «Темирйўл транспорти тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилди

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан тайёрланган бўллиб, 8 боб, 44 моддадан иборат. Бугунги кунда республикада темирйўл транспорти фаолияти асосан 1999 йил 15 апрелдаги “Темирйўл транспорти тўғрисида”ги қонуни (жами 28 та модда) билан тартибга солинади.

Қонун лойиҳасининг мақсади темирйўл транспорти соҳасидаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, тадбиркорлик фаолияти учун шарт-шароит яратиш, хорижий инвестисияларни кенг жалб этиш, темирйўл транспорти ва халқаро ташувлар соҳасида халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш, Қонунни амалдаги миллий ва халқаро қонунчилик ҳужжатларининг нормалари талабларига мувофиқлаштириш, бўшлиқлар ва камчиликларни бартараф этишдан иборат.

Қонун лойиҳаси тушунтириш хатида қайд этилишича, амалдаги “Темирйўл транспорти тўғрисида”ги қонунни моддама-модда ўрганиш натижалари ундаги кўплаб тушунчаларнинг маъноси ҳозирда эскирганини ёки қонунда ўзининг аксини топмаганини кўрсатмоқда.

Қонун лойиҳасида “Темирйўл транспорти тўғрисида”ги қонуннинг тушунчалар қисмига қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш, яъни “темирйўл транспорти ташувчиси”, “умумий фойдаланишда бўлмаган темирйўл транспорти”, “темирйўл инфратузилмаси”, “умумий фойдаланишда бўлмаган темирйўллар” ва бошқалар янги тушунчаларни жорий этиш ва очиб бериш кўзда тутилган.

Шу муносабат билан, қонун лойиҳасининг алоҳида моддаларида ушбу тушунчалар ва уларга қўйиладиган талабларнинг барчаси кўрсатилган, бир-бирига номувофиқ бўлган ва ҳаволаки нормалар қайта кўриб чиқилган.

Хусусан, “темирйўл транспорти” тушунчаси қайта кўриб чиқилди ва янги таҳрирда берилди, бунда республиканинг темирйўл транспорти белгиланган мақсадлар бўйича умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темирйўл транспортига ажратилди.

Қонуннинг амалдаги 10-моддасини (темирйўл транспортини бошқариш) янги таҳрирда баён этиш ва уни алоҳида 11-14-моддалар билан тўлдириш ва уларда ҳар бир органнинг (Вазирлар Маҳкамаси, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари) ваколатларини баён этиш таклиф этилмоқда.

Шундай қилиб, қонун лойиҳасини янги таҳрирда қабул қилиш мақсадлари қуйидагилардан иборат:

  • темирйўл транспортида таркибий ислоҳотларни янада ривожлантириш ва тартибга солиш;
  • темирйўл транспортида рақобатни, ишлар ва хизматларни ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш;
  • темирйўл транспорти соҳасидаги норматив базани техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ва бошқа қонунлар қоидаларига мувофиқлаштириш;
  • давлат ва ислоҳотлар натижасида ташкил этилган маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, темирйўл транспорти соҳасидаги бошқа ваколатли органлар функцияларига аниқлик киритиш;
  • темирйўл транспортининг инвестисион жозибадорлигини ошириш;
  • темирйўл транспортини ва унда кўрсатиладиган хизматлар соҳасини қонунчилик ҳужжатларида тартибга солишдаги бўшлиқларни бартараф этиш;
  • янги қонунлар ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниши муносабати билан амалдаги “Темирйўл транспорти тўғрисида”ги қонунда акс эттирилмаган темирйўл транспорти соҳасидаги қонунчилик нормаларини такомиллаштириш.

Ушбу қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида транспортнинг турдош тармоқларига (автомобиль, авиация) доир миллий қонунчилик, қабул қилинган кўп томонлама халқаро шартномалар, шу жумладан темирйўл транспорти соҳасида, МДҲ, Болтиқбўйи, Европа ва Осиё мамлакатлари қонунчилиги ўрганилган.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси 2024 йил 6 январгача давом этади.

Янгиликлар