Давактив «Coca-Cola» тендерини тўхтатиш бўйича тақдимномага муносабат билдирди

Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг «Cоcа-Cоla Ichimligi» корхонасини хусусийлаштириш жараёнлари ва тендерини тўхтатиш юзасидан киритган тақдимномасига муносабат билдирди.

Фото: «The Intercept»

Ўзбекистонда «Cоcа-Cоla Ichimligi, Uzbekistan, Ltd» МЧЖнинг 57,118 фоизга тенг давлат улуши сотувга қўйилиши жараёнида амалдаги қонунчилик ва тартибларга зид равишда ўтказилаётгани ҳақида мурожаатлар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (КҚКА)га келиб тушгани ва ушбу корхонани хусусийлаштириш жараёнлари юзасидан агентлик томонидан тақдимнома киритилгани ҳақида хабар қилинганди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг тақдимномасига расмий муносабат билдириб, КҚКАнинг компаниянинг давлат улушини сотиш жараёни қандай ташкил этилганлиги ҳақида Давактив агентлигига ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан тузилган Ишчи гуруҳга бирор бир мурожаати келиб тушмаганлигини маълум қилган.

Қайд этилишича, ДАБА тақдимнома компанияни сотиш тўғрисидаги Давактив агентлигининг 2020 йил 16 декабрдаги эълонида жойлаштирилган маълумотлар асосида шакллантирилганлиги ҳақида ёзган. Шунингдек, Давактив агентлиги Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда жамоатчилик билан компаниядаги давлат улушини шаффоф ва ошкора тарзда, халқаро амалиёт қоидаларига мувофиқ ҳолда сотиш жараёни юзасидан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.

«Шу билан бирга, яқин кунларда мазкур жараённинг бевосита иштирокчилари бўлган «The Coca-Cola Export Corporation» (АҚШ, Атланта), «Rothschild & Co» инвестиция банки ва «Dentons» юридик фирмасининг тақдимнома бўйича фикрлари жамланиб, жамоатчиликка тушунтириш берилади.

Ушбу орқали яна бир бор жамоатчиликни ишонтириб айтамизки, «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖдаги давлат улушини сотиш ҳалол, очиқ ва шаффоф усулларда ҳамда дунёдаги ўзининг ўрнига эга ва номига путур етмаган халқаро компаниялар иштирокида амалга оширилмоқда», дейилади хабарда.

Янгиликлар