Тошкентда йигит тўйдан олдин олган қарзини тўлаш учун банкоматга ўғриликка тушди — видео

Тошкент шаҳар Сергели туманида 27 ноябрь куни номаълум шахс банкоматлардан бирига ўғриликка тушиб, аппарат ичида бўлган 87 миллион сўм пулни ўғирлаб кетди. Бу ҳақда «Zamon» информацион дастурида хабар берилди.

Кадр: Telegram / @zamonuz

Қайд этилишича, фуқаро Қўйлиқ-5 даҳасига ўрнатилган банкоматни очиш учун қора ниқоб тақиб, ҳеч қандай из қолдирмай, аппарат ичида бўлган 87 миллион сўмдан ортиқ пулни ўғирлаган. Орадан 1 ой ўтиб, фуқаро Миробод ва Яккасарой туманларидаги банкоматлардан бирига ўғирликка тушган.

16 январь куни қушбеги кўчасида жойлашган банкоматга келган фуқаро аппаратни болгарка ёрдамида очишни бошлаган. Банкоматга яқин жойда жойлашган нон цехи ишчиларидан бири ярим тундаги баланд овозни эшитиб келади ва иш жойига қайтиб, ИИБга қўнғироқ қилади.

Тошкент шаҳар ИИББ маълумотларига кўра, Яккасарой тумани Қушбеги мавзесида жойлашган банкоматларнинг бирида номаълум шахс томонидан ўғирлик жинояти содир этилганлиги тўғрисида хабар келиб тушган. Суриштирувлар натижасида бу жиноятни 27 ёшли фуқаро содир этганлиги аниқланиб ушланган. Суриштирув ҳаракатлари давомида ҳар учала жиноятни содир этган шахс 27 ёшли йигит эканлиги маълум бўлган.

2020 йил 12 декабрь куни уйланиш мақсадида тўйдан олдин 76 миллион сўм қарз олгандим. Ўша пулни йиғиб беролмаганимдан кейин бошқа иложини тополмасдан банкоматга ўғриликка тушдим», — дейди жиноятни содир этган шахс.

Ҳозирда ушбу фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 169 моддаси 4-қисми а банди (Жуда кўп миқдорда моддий зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Аввалроқ Тошкентда 7 та банкоматни ўмарган эркаклар ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда масжидда салкам 5,5 минг доллар ўғирлаган эркак қўлга тушгани хабар қилинган.

Янгиликлар