Ўзбекистон Қуролли кучларида сержант унвони ўрнига янги ҳарбий унвонлар жорий этилди

Ўзбекистонда 25 август куни «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Маълум қилинишича, қонун билан бирга «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгаришларга кўра, Қуролли кучларда сержант ҳарбий унвони ўрнига қуйидагилар жорий этилган:

  • III даражали сержант;
  • II даражали сержант;
  • I даражали сержант.

Қайд этилишича, қонун билан сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларни ҳарбий унвондан ножўя хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги учун бошқа интизомий жазо чоралари етарли бўлмаган тақдирда суднинг ёки вазирлик ва идоралар раҳбарларининг қарорига кўра маҳрум этиш мумкинлиги белгиланган.

Шунингдек, ҳарбий кийимда юриш қоидалари ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг раҳбарлари томонидан белгиланиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, қонун билан ҳарбий хизматга қабул қилиш ва ҳарбий хизматдан бўшатиш мезонлари белгилаб берилган.

Маълумот ўрнида, қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1 сентябрдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшаётганлар ҳарбий хизматга чақириш рўйхатига киритилиш ёки чиқарилииш учун мудофаа ишлари бўлимларига бориш тартиби бекор қилиниши ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар