Қувада танишининг пластик картасидан икки млн сўмдан зиёд пулларни ечиб олган шахс ушланди

Фарғона вилояти Қува туманида танишининг пластик картасидан 2 миллион 135 минг 625 сўм миқдоридаги пулларни ечиб олган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, 24 cентябрь куни Қува туманида яшовчи фуқаро И.Э. бу ҳақда туман ИИБга ёзган аризасида маълум қилган. Қайд этилишича, фуқаро И.Э. таниши Н.Ю. билан тарихий обидаларни зиёрат қилиш учун саёҳатга чиққан вақтида Н.Ю ўзининг телефонига Э.И.нинг пластик карта рақамларини киритишга муваффақ бўлган.

Шунингдек, Н.Ю. таниши И.Э.нинг пластик картаси ҳисобида бўлган 2 миллион 135 минг 625 сўм миқдордаги пулларни мобил илова орқали ечиб олгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғирлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Самарқандда пластик картадан яширин равишда 3 миллион сўмга яқин пулларни ечиб олган шахслар, Aндижонда фуқарога 20 миллион сўм эвазига ер олиб беришни ваъда қилган фуқаро қўлга олингани ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар