«Бухоро нефть база» мансабдорлари 8,5 млрд сўмни талон-торож қилгани аниқланди

Бухоро вилояти прокуратураси «Бухоро нефть база» мансабдорлари томонидан 8,5 миллиард сўмлик талон-торожликлар амалга оширилгани айтилган хабарлар юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, Бухоро вилоят прокуратурасида «Бухоро нефть база» МЧЖ мансабдор шахслари, «Sity Kemping Bukhara» МЧЖ собиқ раҳбари ва таъсисчиси Т.М. ҳамда бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўтказилган терговда «Бухоро нефть база» МЧЖ собиқ бош ҳисобчиси Ғ.К. ҳамда бошқа мансабдор ва моддий жавобгар шахслари мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали жамиятнинг 8,5 миллиард сўмлик жуда кўп миқдордаги нефть маҳсулотларини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилгани фош этилган.

Шу жумладан, Ғ.К. жамиятда юритилган «1-S» электрон дастурига нефть маҳсулотлари учун тўлов амалга оширилгани ҳақида сохта маълумотлар киритиб, жиноий шериги Т.М. раҳбарлигида ташкил қилинган «Sity Kemping Bukhara» МЧЖ ва бошқа корхоналарга нефть махсулотларни олдиндан тўловларсиз бериб юбориш ҳамда «Бухоро нефть база» МЧЖ ҳисоб рақамидан молиявий ёрдам сифатида пул маблағлари кўчириш орқали давлатнинг 3,3 миллиард сўмлик мулкини талон-торож қилиб, ўзларининг шахсий манфаатлари учун ўзлаштириб юборган.

Аниқланишича, «Sity Kemping Bukhara» МЧЖ дастлаб Т.М. ва Ғ.К. таъсисчилигида ташкил қилинган, кейинчалик, жиноят иши қўзғатилгунга қадар жамиятнинг улушлари А.Т.га (Б.А.нинг ўғли) ва Д.Т.га (Т.М.нинг турмуш ўртоғи), у эса опаси Н.Т.га ўтказган.

Давлат ва жамоат манфаатларига жуда кўп миқдордаги зарарни етказган Ғ.К. ва Т.М.га суднинг ажримига асосан «қамоққа олиш тарзидаги» эҳтиёт чораси қўлланилган. Айбланувчилар томонидан етказилган зарарнинг 5,3 миллиард сўми ундирилиб, 4 миллиард сўмлик мол-мулклари, шу жумладан «Sity Kemping Bukhara» МЧЖ номидаги мулклари хатланган.

Тергов натижасида, «Бухоро нефть база» МЧЖнинг 7 нафар мансабдор ва моддий жавобгар шахсларига Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилиниб, жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилган. Т.М. тергов органидан яширингани сабабли жиноят ишининг унга нисбатан қисми алоҳида иш юритувга ажратилган.

Терговдан яширинган Т.М. ИИБ томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 10 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ушланиб, тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган. Ҳозирда, жиноят ишининг Т.М. ва бошқаларга оид қисми бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Янгиликлар