Андижонда гиёҳвандлик моддаларини сотаётган шахслар қўлга олинди

Андижон шаҳрида тақиқланган дори воситалари ва гиёҳванд моддалар сотаётган бир неча шахслар қўлга олинди.

Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Андижон вилояти Ички Ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бўлими ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан Андижон шаҳар «Мустақиллик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида, ушбу ҳудудда тақиқланган дори воситаларини сотаётган бир нечта шахслар аниқланган.

Қайд этилишича, Андижон шаҳрида яшовчи 1996 йилда туғилган эркак фуқаро П.Б.нинг сумкаси кўздан кечирилганида, унда 50 дона «Тропикамид» кучли таъсир этувчи дори воситалари топилган. Шунингдек, Олтинкўл тумани фуқароси 1984 йилда туғилган Х.Д.нинг ёнида 280 дона «Регапен» кучли таъсир этувчи дори воситалари борлиги аниқланган.

Бундан ташқари, Андижон шаҳар фуқароси 1992 йилда туғилган Н.У.нинг ёнидан 1 дона «Тропикамид» ва 2 дона «Регапен» кучли таъсир этувчи дори воситалари ҳамда Андижон шаҳрида яшовчи 1994 йилда туғилган О.М.нинг ёнидан 0,4 грамм «гашиш» гиёҳванд моддаси борлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Андижон шаҳар ИИО ФМБ томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.