Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитова фермерларни ҳақоратлагани акс этган аудиога изоҳ берди
Aндижон вилояти Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитова ўзи иштирокидаги йиғилишда ёзиб олинган аудио бўйича изоҳ бериб, қуюшқондан чиқишида фермерларнинг ўзини айблади. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар бермоқда.
Ҳокимнинг таъкидлашича, у коронавирус билан касалланиб, икки ҳафтага яқин касалхонада ётган. Шунингдек, у даволаниш пайтида тумандаги кўп ишлар орқада қолиб кетганини қайд этган.
«Мен ҳам коронавирус билан касалланиб, икки ҳафтага яқин вақт касалхонада ётдим. Касалликдан сўнг руҳий ҳолатим яхши бўлмагани учун стрессда балки фермерга қаттиқроқ гапиргандирман, қаттиқроқ талаб қилгандирман, оғзимдан шу гап чиқиб кетгандир. Лекин мен даволанган пайтда тумандаги кўп ишлар орқада қолиб кетган.
Ҳолбуки, ғалламиз, пахтамиз, соямиз бор, уларга тааллуқли режалар бор. Хусусан, ғалла экиш ҳам, ғаллани суғориш ҳам орқада қолган. Баъзида яхшилик билан, қонун йўли билан ҳам гаплашасиз. Баъзида эса қаттиқроқ гапиришга тўғри келиб қолади.
Aслида, фермерлар билан муносабатим яхши. Бироқ иш қилмаган, режани бажармаган фермерлар анчагина. Тўғри, пахта режасини бажардик, лекин фермерлар пахта ичидаги сояни корчёвка қилиб, юлиб ташлашган. Ҳолбуки, соя ҳосилини териб олиш керак эди. Корчёвка билан чиқариб ташлаб, ер чизиб туришибди, соя йўқ деб. Энди ғўзанинг ичидаги соя тоннасини қаердан чиқаришади? Уларга сояни йўқотиб юборманглар дейилган, лекин юлиб ташлашган экан», — деган Садбархон Мамитова.
Шунингдек, ушбу ҳолат юзасидан Aндижон вилояти ҳокимлиги расмий муносабат билдирган. Маълум қилинишича, Садбархон Мамитовага ҳокимлик томонидан «огоҳлантириш» берилган.
Aввалроқ ижтимоий тармоқда Бўстон тумани ҳокими йиғилишлардан бирида фермерларни ҳақоратли сўзлар билан камситаётгани акс этган аудиоёзув тарқалганди. Туман раҳбари фермерлар билан учрашувда уларни «мараз», «ифлос» деб ҳақоратлаган, соя ўсимлиги билан боғлиқ режани бажармаган фермерларга ерини олиб қўйиш билан таҳдид қилган.
Эслатиб ўтамиз, Садбархон Мамитова 2020 йил 4 март куни Бўстон тумани ҳокими этиб тайинланганди. Бунга қадар у «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Aндижон вилояти ҳудудий бўлими раҳбари сифатида ишлаб келган.