Бухоро шаҳри ҳудуди икки туман ҳисобига кенгайтирилади

Бухоро шаҳрининг бош режасига кўра, шаҳар ҳудуди Бухоро ва Когон туманлари ҳисобига 3,5 минг гектардан кўпроққа кенгаяди. Бу ҳақда шаҳар ҳокими Ўткир Жумаев «Ўзбекистон 24» телеканали лавҳасида маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Шаҳар ҳокимининг сўзларига кўра, Бухорода 280 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бош режани ишлаб чиқишда 2025 йилги истиқболда аҳолининг 310 мингга етиши ҳисобга олинган.

«Шу сабабли бош режага кўра шаҳар ҳудудини Когон тумани (1920 гектар) ва Бухоро тумани (1630 гектар) ҳисобига кенгайтириш кўзда тутилган. Унинг 2040 йилгача ишлаб чиқиладиган дастурида Бухоро шаҳри ҳудуди 11 488 гектарни ташкил этади. Шаҳар ҳудудининг кенгайиши ҳисобига шаҳарда бешта йўналишда ишларни амалга ошириш имконияти пайдо бўлади. Шунингдек, шаҳарда реновация дастури ҳам амлага оширилади ва 371 та маънан эскирган уйлар ўрнида янги кўп қаватли бинолар барпо этилади», — дейди Ўткир Жумаев.

Ҳокимнинг таъкидлашича, шаҳар раҳбарияти Президентдан шаҳардаги турар жой бинолари реновациясининг иккинчи босқичини узайтиришга рухсат олган.

Аввалроқ Ўзбекистонда маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича таклифлар давлат экспертизасидан ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар