«Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 26 январь куни «ЎзЛиДеП» фракциясининг навбатдаги йиғилишида «‘Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида’ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: ЎзА

Таъкидланишича, ҳуқуқий соҳада ҳамда миллий қонунчиликда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ акс эттириш ва «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш мақсадида «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилган. Янги таҳрирдаги лойиҳада ўзбек тили давлат тили эканлиги ҳақидаги 1-модда 3-моддага ўтказилмоқда.

Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат тилининг ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида қўлланилишига, унинг ривожланиши ва оммалашувига катта туртки беради. Муҳокамалар давомида депутатлар таълим соҳасида давлат тилининг қўлланилишини қонун даражасида белгиланиши ўзбек тили билан боғлиқ тарихий-маънавий меросни асраб, келгуси авлодларга етказилишини таъминлашга хизмат қилишини айтиб, қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватлаган.