Ўзбекистонда нархи бозор шароитидан келиб чиқиб аниқланадиган товарлар рўйхати элон қилинди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига 26 январь куни «Солиқ базасини аниқлашда товарларнинг (хизматларнинг) нархини бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда белгилаш чоралари тўғрисида» Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси жойланди.

Фото: «Tez News»

Лойиҳага кўра, Давлат солиқ қўмитасининг синов тариқасида бозор конюктурасидан келиб чиқиб «Солиқ нархи» механизмини жорий қилиш ва унинг асосида солиқ солинадиган базани аниқлаш таклиф қилинган. Нархи бозор конюктурасидан келиб чиққан ҳолда аниқланадиган товарлар (хизматлар) рўйхатига — янги кўп квартирали уйлардаги турар жой объектлари, ун маҳсулотлари, шакар, алкоголли маҳсулотлар, тамаки маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, газланган ва газланмаган салқин ичимлик ва цемент киритилган.

Шунингедек, товарлар (хизматлар)нинг бозор қиймати ҳар бир ҳудуд (шаҳар, туман) бўйича шакллантирилиб, Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва ҳар ойда янгилаб борилади. Қайд этилишича, Давлат солиқ қўмитаси 2021 йил 1 ноябрга қадар синов натижалари якуни билан бозор конюктурасидан келиб чиққан ҳолда «солиқ нархи» механизмини кенг жорий қилиш юзасидан ўз таклифларини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Бундан ташқари, солиқ базаси Давлат солиқ қўмитаси расмий веб-сайтига жойлаштирилган бир бирлик товар (хизмат) учун белгиланган бозор қийматининг солиқ тўловчи томонидан ҳисобот даврида сотилган маҳсулот ҳажмининг кўпайтмасига нисбатан ҳисоблаб чиқарилади.

Маълумот учун, бозор конюктураси — маълум даврда товарлар ва хизматлар сотилишидаги имкониятларни ифодаловчи иқтисодий шарт-шароитлар мажмуи.

Аввалроқ Ўзбекистонда солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби белгилангани ва Ўзбекистонда фақатгина кўп қаватли уйларнинг ерости автотураргоҳига машина қўйган фуқаролар солиқ тўлаши хабар қилинган эди.

Янгиликлар