Фоторепортаж: Нукусда ҳарбийларга узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида 30 та янги хонадон топширилди
Мустақиллик байрамининг 29 йиллиги арафасида 27 август куни Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида қурилган 2 та кўп қаватли турар жой биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Хабарда айтилишича, янги хонадон калитларини эгаларига топшириш маросимида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари Женгисбай Ембергенов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Фарҳоджон Шерматов, Нукус гарнизони ҳарбий прокуратураси раҳбарияти, ҳарбий хизматчилар оилалари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этган.
Тадбир давомида таъкидланишича, охирги 3 йилда биргина Шимоли-ғарбий ҳарбий округда 300 нафардан зиёд ҳарбий хизматчилар учун имтиёзли ипотека кредити асосида 8 та уй қурилган.
Янги уйлар Нукус гарнизонидаги «Ватанпарвар» маҳалласида бунёд этилган 30 хонадондан иборат иккита 5 қаватли бўлиб, барча қулайликларга эга.
Таъкидланишича, айни кунларда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ва Қорақалпоғистон билан ҳамкорликда Мудофаа ишлари бошқармасининг янги биносини қуриш, «Нукус» полигони инфратузилмасини такомиллаштириш борасида ишлар давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Наманганда 100 дан ортиқ арзон хонадон 20 йиллик имтиёзли кредит асосида аҳолига топширилиши, Бухорода 660 та оилага мўлжалланган 22 та кўп қаватли уй қурилаётгани, Уйчида 200 га яқин муҳтож оила учун мўлжалланган турар жой қурилишининг 65 фоизи битказилгани хабар қилинган эди.