Бухорода август—сентябрь ойларида қанча хонадон қарздорлик сабаб табиий газ тармоғидан узилгани маълум қилинди

Бухорода ўтган август—сентябрь ойларида вилоят бўйича жами 6947 та хонадонга 935 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик бўйича огоҳлантириш хатлари берилган. 714 тага яқин хонадон эса тўловни амалга оширмаганлиги сабаб тармоқдан узилган. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали матбуот хизмати

Хабарга кўра, биргина Бухоро шаҳрида яшовчи қарздор фуқароларга 1367 та огоҳлантириш хати чиқарилган. Уларнинг 948 таси тўловни амалга оширган, 419 таси эса қарздорлик тўловини вақтида амалга оширмаган. Натижада эса бугунги кунга қадар 105 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик учун 153 та хонадон табиий газ тармоғидан узилган.

Фото: «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали матбуот хизмати

Таъкидланишича, ходимлар шаҳардаги бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинида газ тўловини тўламаган қарздорлар хонадонида бўлиб, уларга берилган огоҳлантириш хатларига қарамасдан, тўловни вақтида тўланмагани борасида ўрганишлар олиб борган. Барча қарздор хонадон эгалари тўловни амалга оширмагани учун вақтинчалик табиий газ тармоғидан узиб қўйилган.

Фото: «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали матбуот хизмати

Маълумот учун, Президентнинг 18 июндаги «Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони асосида ташкилот томонидан қарздорлик бўйича чиқарилган огоҳлантириш хатига асосан қарздор белгиланган муддат ичида тўловни амалга оширмаса, унинг хонадонига вақтинчалик табиий газ таъминоти тўхтатилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Когондаги еттита корхона газ таъминотига салкам 519 миллион сўмдан ортиқ зарар етказгани аниқлангани, Пахтаободда салкам 51 миллион сўм қарзи бўлган 81 та хонадон газдан узилгани ҳамда Самарқанд шаҳрида 42 нафар улгуржи истеъмолчи ва Пайариқда жами 184 миллион сўм қарзи бўлган 164 истеъмолчи газ тармоғидан узилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Янгиликлар