Ургутда «Damas» ва мотоцикл иштирокидаги ЙТҲ оқибатида мотоцикл ҳайдовчиси вафот этди

Самарқанд вилояти Ургут туманида 23 октябрь куни «Damas» ва мотоцикл иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Мазкур ЙТҲ оқибатида мотоцикл ҳайдовчиси шифохонада вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, ЙТҲ 23 октябрь куни соат 19:00 атрофида Ургут тумани «Aълохотин» маҳалласидан ўтувчи Тойлоқ—Ургут автомобиль йўлида содир бўлган. Маълум қилинишича, «Камардон» маҳалласида яшовчи 24 ёшли йигит «Damas» автомашинаси мазкур йўлда бошқариб келаётган вақтда мотоциклда ҳаракатланиб келаётган туманнинг «Aлгар» маҳалласида яшовчи 61 ёшли эркакни уриб юбориши оқибатида ЙТҲ содир бўлган. Қайд этилишича, йўл транспорт ҳодисаси йўлларнинг носозлиги туфайли келиб чиққан.

Мазкур ЙТҲ оқибатида мотоцикл ҳайдовчиси Ургут тумани тиббиёт бирлашмасида олган тан жароҳатлари сабабли вафот этган. Ҳолат юзасидан туман Ички ишлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган шаҳрида мотоцикл ва «Volvo» иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳамда Фарғонада «Damas» ва мотоцикл тўқнашуви оқибатида бир киши ҳалок бўлгани ҳақда хабар қилинганди.